Умумий овқатланиш соҳасидаги норасмий иқтисодий фаолиятни баҳолаш бўйича таҳлил тақдим этилди
AI Xulosa
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази умумий овқатланиш соҳасидаги норасмий иқтисодий фаолиятни баҳолаш бўйича таҳлилни тақдим этди.
Тадқиқот натижаларига кўра, умумий овқатланиш соҳасида яширин айланмани 1 фоиз бандга қисқартириш давлат бюджетига йилига қўшимча 119 млрд сўм тушум келтириши мумкин.
Шу билан бирга, жадал ўсишга қарамасдан, 2024 йилда умумий овқатланиш соҳасида кузатилмайдиган иқтисодиёт улуши 87%ни ташкил этди. Шундан 83%и яширин иқтисодиёт, 4%и эса норасмий иқтисодиёт ҳиссасига тўғри келади.
Сўнгги 7 йил давомида Ўзбекистонда умумий овқатланиш соҳаси юқори ўсиш суръатларини намоён этди. 2018–2024 йилларда тармоқда ишлаб чиқариш ҳажми 87%га ошди ва ЯИМ ўсиш суръатларидан юқори бўлди.
Тармоқнинг ЯИМдаги улуши 4,4%дан 5,6%гача кўтарилиб, бандлик, уй хўжаликлари истеъмоли, туризм ва шаҳар иқтисодий фаолиятидаги аҳамиятини янада мустаҳкамлади.
Баҳолашларга кўра, умумий овқатланиш корхоналарида ходимларнинг 17–23%и меҳнат муносабатлари тўлиқ расмийлаштирилмасдан банд этилган. Шунингдек, соҳадаги ҳар бешинчи корхона иш ҳақи тўловларини тўлиқ расмийлаштирмайди.
Шу билан бирга, тадбиркорларнинг 40%и амалга оширилаётган давлат қўллаб-қувватлаш чораларидан хабардор эмас. Жумладан, корпоратив даромад солиғи бўйича имтиёзлар, ҚҚСни қайтариш механизмлари ҳамда қисқа муддатли электрон меҳнат шартномаларидан фойдаланиш имкониятлари тўғрисида етарли маълумотга эга эмас.