Сурхондарё вилоятининг истиқболдаги гидроэнергетик қувватлари юзасидан тақдимот ўтказилди
AI Xulosa
Бугун Президент Шавкат Мирзиёевнинг Сурхондарё вилоятига ташрифи доирасида ҳудуднинг гидроэнергетик салоҳияти билан яқиндан танишилди ва амалга оширилаётган жорий ҳамда истиқболдаги лойиҳалар юзасидан кенг тақдимот ўтказилди.
"Ўзбекгидроэнерго" АЖ Бошқарув раиси Ислом Абдурахмонов томонидан вилоятда гидроэнергетика йўналишида амалга оширилаётган амалий фаолият ҳамда яқин истиқболдаги лойиҳалар ҳақида батафсил ахборот берилди.
Давлатимиз раҳбари ушбу ташриф давомида вилоят энергетик салоҳиятини янада кенгайтириш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан самарали фойдаланиш ва ҳудуд аҳолиси ҳамда иқтисодиёт тармоқларини барқарор электр энергияси билан таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
2017 йилда Сурхондарё вилоятида фақат 1 та ГЭС фаолият юритган бўлиб, қуввати 30 МВтни ташкил этган. Президентимиз ташаббуси билан Тўполанг сув омбори ҳажми 100 млн м3 дан 500 млн м3 га етказилди. Шу орқали, Тўполанг дарёсида янги қувватларни ишга тушириш имконияти яратилди. Сўнгги 9 йил ичида вилоятдаги гидроэнергетик қувватлар 9 баробарга оширилиб, 273,4 МВтга етди ҳамда ГЭСлар сони 13 тага етказилди. Натижада бугунги кунда вилоятнинг йиллик электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми 800 млн кВт.соатга етказилди.
Юқори Тўполанг гидросалоҳиятидан оқилона фойдаланиш мақсадида, умумий қуввати 80 МВт бўлган 3 та ГЭСдан иборат Киштут ГЭСлар каскади лойиҳаси юзасидан маълумот тақдим этилди. Ҳозирда мазкур Киштут ГЭСлар каскади лойиҳаси доирасида қурилиш ишлари бошланган.
Давлатимиз раҳбари топшириғига биноан, Киштут ГЭСлар каскадини "миллий лойиҳа" сифатида амалга оширилиши белгиланди. Шу билан бирга, Юқори Тўполанг гидро салоҳиятидан максимал даражада фойдаланиш, вилоят гидроэнергетик салоҳиятини ошириш ва электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмини янада кўпайтириш бўйича аниқ вазифалар белгиланди. Мазкур лойиҳа Сурхондарё вилоятининг энергетик мустақиллигини мустаҳкамлаш, қайта тикланувчи энергия манбалари улушини ошириш ҳамда аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини барқарор электр энергияси билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.