Afsonaviy o‘zbek bokschisi Rufat Risqiyev 76 yoshida vafot etdi
Ўзбек бокс мактабининг атоқли намояндаси, жаҳон чемпиони, Олимпия ўйинлари совриндори, машҳур спортчи ва мураббий Руфат Асадович Рисқиев 15 август куни 76 ёшида вафот этди.
Руфат Рисқиев 1949 йил 2 октябрда Тошкент вилоятида шифокор оиласида туғилган. У ёшлигидан бокс билан шуғулланиб, юксак техникаси, кучли иродаси ва жанговор характери билан спорт мухлислари эътиборини қозонган.
Спортчи фаолияти давомида республика ва халқаро мусобақаларда муваффақиятли иштирок этди. 1976 йилги Монреаль ёзги Олимпия ўйинларида кумуш медални қўлга киритди. Шунингдек, собиқ Иттифоқ миқёсида тўрт карра чемпион бўлиб, хизмат кўрсатган спорт устаси унвонига сазовор бўлди.
Руфат Рисқиев Марказий Осиё мамлакатлари орасидаги биринчи халқаро профессионал бокс ҳаками сифатида ҳам фаолият юритган. У спорт оламида «Тошкент йўлбарси» номи билан машҳур бўлиб, нафақат Ўзбекистонда, балки жаҳон бокс жамоатчилиги орасида ҳам катта ҳурмат қозонган.
Машҳур спортчи кейинчалик мураббий ва ҳакам сифатида ўзбек бокс мактаби ривожига муносиб ҳисса қўшди. Унинг ҳаёти ва спортдаги фаолияти ҳақида китоблар ёзилган, бадиий фильм суратга олинган.
Руфат Рисқиевнинг Ўзбекистон спортини ривожлантиришдаги хизматлари давлат томонидан ҳам муносиб баҳоланиб, у «Эл-юрт ҳурмати» ва «Дўстлик» орденлари билан тақдирланган эди.
Ўзбек бокси тарихида ўчмас из қолдирган Руфат Рисқиевнинг номи ва спорт мероси халқимиз хотирасида сақланиб қолади.