Humans компаниясига оид суд жараёнида янги тафсилотлар очиқланди
AI Xulosa
Даъвогар томонидан Добрыниннинг электрон почтасига 67 та савол юборилган
Humans компаниясига оид суд жараёнида бошқарув масалалари бўйича янги тафсилотлар очиқланмоқда. Суд мажлисида маълум бўлишича, компания раҳбари Владимир Добрынин айни пайтда Ўзбекистон ҳудудида эмас, аммо шунга қарамасдан компанияга оид қарорлар қабул қилиб келинган.
Суд томонидан тайинланган ликвидацион бошқарувчига корхонани тўлиқ бошқариш ваколати берилганига қарамасдан, амалда корхона ҳудудига кириш, шунингдек молиявий ва ташкилий ҳужжатларни қабул қилишда жиддий тўсиқлар мавжуд экани маълум қилинди. Таъкидланишича, мазкур муаммолар ижара шартномалари билан боғлиқ.
Даъвогар томони адвокати Шерзод Абдулқосимнинг айтишича, компания раҳбари суд жараёнида иштирок этиш имкониятига эга бўлган. Хусусан, у электрон почта ёки видеоконференция орқали ўз позициясини билдириши мумкин эди. Шу мақсадда унга 67 та савол юборилган, аммо ҳозирга қадар бирор жавоб тақдим этилмаган.
Шунингдек, судда корхонага тегишли муҳр ва бошқа бошқарув воситаларини олиш учун ликвидацион бошқарувчи суд ва ижро идораларига мурожаат қилишга мажбур бўлгани айтилди. Бу ҳолат компанияда бошқарув тизимида жиддий ноаниқликлар мавжудлигини кўрсатмоқда.