Шавкат Мирзиёев ҳузурида Ўзбекистон мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш масалалари юзасидан йиғилиш ўтказилди
AI Xulosa
Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев ҳузурида мамлакатимиз мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш масалалари юзасидан йиғилиш ўтказилди.
Дунёда кескинлик ва можаролар ўчоқлари сақланиб қолаётгани, геосиёсий рақобат кучайиб, янги хатар ва таҳдидлар хавфи ортиб бораётгани таъкидланди. Айрим минтақалардаги ҳарбий ҳаракатлар жиддий гуманитар ва иқтисодий оқибатларга олиб келаётган нотинч халқаро вазият шароитида мамлакатимиз мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш ҳамда хавфсизлигини таъминлаш алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Мудофаа вазири қўшинларнинг жанговар шайлигини ошириш, қисм ва бўлинмаларни тезкор тайёрлаш, уларни замонавий қурол-яроғ ва техникалар билан таъминлаш, ҳарбий-маъмурий секторлар инфратузилмасини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида ахборот берди.
Ривожланган давлатларнинг илғор тажрибаси ва жанговар ҳаракатлар тажрибасини ўрганиш, ҳарбий бошқарув ва тайёргарлик тизимига замонавий ёндашувларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, қўшинлар самарадорлигини ошириш учун янги технологиялар, жумладан, учувчисиз тизимлар ва рақамли бошқарув ечимларини кенг қўллаш зарурлиги қайд этилди.